Президентнинг 10.06.2021 йилдаги «Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5144-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган 53 та туманда 2021–2022 йилларда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
- 2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) фаолияти йўлга қўйилади, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчилар учун янги ўринлар яратилади;
- умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та ДХШ асосидаги нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади;
- қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат МТТ қурилади;
- давлат ва нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтагача етказилади ҳамда 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш ишлари амалга оширилади.
Мактабгача таълим вазирлигида бошқарувнинг янги тизими жорий қилинади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Ҳудудларда мактабгача таълим хизматларини кенгайтириш бўйича «Йўл харитаси»;
- Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш дастури;
- 2021 йил якунига қадар ҳудудларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар.
2021 йил 1 июлдан бошлаб:
- оилавий нодавлат МТТга мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;
- оилавий нодавлат МТТ томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда – 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат МТТ учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланади;
- оилавий МТТ ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади;
- 2022 йил 1 январга қадар АК «Халқ банки» томонидан оилавий МТТга мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 30 млн сўмгача миқдорда 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 фоизли ставкада Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган ресурслар ҳисобидан кредитлар ажратилади;
- оилавий нодавлат МТТ раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш давлат МТТ учун белгиланган тартибда амалга оширилади;
- рўйхатда белгиланган туманларнинг маъмурий марказларидан ташқари жойларда янги ташкил этиладиган оилавий нодавлат МТТга Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган жиҳозлаш меъёрларига мувофиқ мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 30 млн сўмгача миқдорда субсидиялар ажратилади;
- 100 та ДХШ асосидаги нодавлат МТТни ташкил этиш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 5%лик ставкада кредитлар ажратилади;
- ДХШ асосидаги нодавлат МТТга фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50%и миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик компенсациялар тўланади;
- 2018-2019 йилларда нодавлат МТТни ташкил этиш учун ДХШ тўғрисидаги битимларга мувофиқ аввал берилган кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 1.01.2022 йилга қадар узайтирилади. Бунда 1.01.2022 йилга қадар тўланиши лозим бўлган асосий қарз тўловлари кредит даврининг қолган қисмига тенг миқдорда тақсимланади;
- рўйхатда белгиланган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ДХШ асосидаги нодавлат МТТга:
а) ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат МТТнинг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75%и миқдорида субсидия тўланади;
б) «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ёки «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун мазкур дафтарлар жамғармалари ҳисобидан давлат МТТнинг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25%и миқдорида субсидия тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.06.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.