Президент томонидан 21 июнь куни «Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Қарорда ҳудудларда кластер усулида мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналарини (кейинги ўринларда – кичик саноат зоналари) ташкил қилиш назарда тутилган.
Кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонлари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Ишлаб чиқариш майдонларига эгалик қилишнинг мажбурий шарти сифатида кичик саноат зонасининг бош режасига асосан мебель ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш объектларини жойлаштириш белгиланади.
Ташкил қилинаётган кичик саноат зоналарининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш тадбирлари қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
- ичимлик суви, оқава сув тармоқларини ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – 2021-2023 йиллар учун Давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар;
- электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – ўрнатилган тартибда таъминотчи корхоналар маблағлари.
Кичик саноат зоналарини ташкил қилиш учун ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.
2021 йил 15 июндан бошлаб қуйидаги харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади:
а) 2021-2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30%ни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хом ашё (ТИФ ТН бўйича 4410 ва 4411 кодлари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50%и миқдорида;
б) 2024 йил 1 январга қадар мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга мебель маҳсулотларини барча давлатларга, шу жумладан қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг 50%и, бироқ:
- маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5%идан;
- темир йўл транспортида 7%идан кўп бўлмаган миқдорида.
2023 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.
2022 йилдан бошлаб ҳар йили май ойида маҳаллий ва хорижий корхона вакиллари, салоҳиятли инвесторлар, экспертлар ва тармоққа алоқадор бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда Мебель халқаро савдо кўргазмаси («Uzbek International Furniture Fair») ўтказилади.
Эльмира Сиразиева.