Вазирлар Маҳкамасининг 21.09.2019 йилдаги «Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги 792-сон қарори қабул қилинди.
Фанлар академияси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Миллий археология маркази ташкил этилди. Фанлар академиясининг Археологик тадқиқотлар институти негизида Марказнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиали шаклидаги Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ташкил этилди.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- республика ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни илмий-услубий жиҳатдан йўналтириш, археологик изланишларда табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини кенг қўллаш;
- инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда комплекс археологик экспедицияларни соҳа таълими амалиёти билан боғлаб ташкил этиш;
- археология соҳасида етук илмий кадрлар тайёрлаш;
- археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосини тайёрлаш;
- археологик тадқиқотларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг археология йўналишида фаолият олиб бораётган тадқиқотчи-олимлар билан қўшма археологик экспедицияларни тизимли ташкил қилиш;
- археологик тадқиқотларга оид халқаро тадбирларни мамлакатимизда ташкил этиш, шунингдек хорижда археология бўйича ўтказиладиган илмий-амалий тадбирларда иштирок этиш;
- тегишли вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатда археологик тадқиқотлар олиб борилиши зарур бўлган ҳудудий объектлар ягона маълумот банкини, шунингдек уларнинг муаммолари бўйича ахборот базасини шакллантириш;
- мунтазам равишда илмий ва оммабоп китоблар, замонавий тадқиқот услублари сингдирилган ўқув қўлланма ва кўрсатмаларни нашр қилишни йўлга қўйиш;
- Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуаси фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш.
Марказ ходимларининг умумий чекланган сони 35 нафардан иборат бўлади (Молия вазирлиги 3 йил давомида уни 80 нафаргача оширади). Марказ Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
- Давлат бюджети маблағлари - бино ва иншоотларни сақлаш, таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув ва илмий адабиётлар, Интернет тармоғи ва бошқа моддий-техника воситалари), шунингдек илмий ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун;
- Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган илмий-техник лойиҳалар танловларининг натижалари бўйича ажратиладиган маблағлар;
- хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар;
- халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Марказга археологик тадқиқотларни олиб бориш учун учувчисиз учиш аппаратларини харид қилишда кўмак берилади. 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги ҳомийлик маблағлари ҳисобига «Биоархеология» ва «Ландшафт археологияси» йўналишларида 2 та лаборатория замонавий илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
2020 йилдан бошлаб мамлакатда археологик тадқиқотларни олиб бориш учун рухсатнома олган археологларнинг илмий ҳисоботларини ўз ичига олган «Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар» йиллик тўплами чоп этилади. Тўплам ҳар йили 1 майга қадар чиқарилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда бир марта Ахсикент ёдгорлиги асосида «Ўтмишга саёҳат» халқаро тарихий-маданий фестиваль ўтказилади. Мақсад – кенг халқ оммасига тарих билимини тарғиб этиш.
Қарор билан 2019–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.09.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.