Ушбу Қонун 2019 йилда қабул қилинган, Президент томонидан 2020 йил 18 ноябрда имзоланган, ярим йилдан кейин кучга киради (18.11.2020 йилдаги ЎРҚ-647-сон Қонунга қаранг).
Ҳужжатда қуйидагилар тартибга солинади:
- Миллий гвардиясининг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлиги;
- Миллий гвардия фаолиятини ташкил этиш – тизими, бўйсуниши ва ҳисобдорлиги масалалари, мансабдор шахсларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, Миллий гвардия ҳайъати таркиби ва мақоми;
- ҳарбий хизматчилар ва хизмат ходимлар томонидан хизматни ўташ тартиби ва шартлари – хизматга қабул қилиш ва қасамёд қилиш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жиҳатлари, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш, хизмат муддатлари ва уларни узайтириш учун асослар, шунингдек ҳарбий ва махсус унвонлар бериш;
- Миллий гвардиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- ҳарбий хизматчилар (ходимлар) томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни, ўқотар қуролни қўллаш (бу ерда ва бу ерда қаранг), ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш;
- ҳарбий хизматчиларни ва ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг соғлиғини сақлаш, таъминоти, уй-жой майдони билан таъминлаш ҳамда пенсия таъминоти ва бошқалар.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг ва ходимининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Шунингдек зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талаби бўйича бепул тақдим этилади. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг ва ходимининг қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.
Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.
Шу билан бирга ҳарбий хизматчилар (ходимлар) қонунга хилоф ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни Миллий гвардия томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим бўлиб, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2021 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.