Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими жорий этилмоқда (ВМнинг 8.04.2019 йилдаги 284-сон қарори).
Эслатиб ўтамиз, тизимни ишлаб чиқиш Президентнинг 8.08.2018 йилдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ–5505-сон Фармонида назарда тутилган.
У ишлаб чиқилган бўлиб, йил бошидан буён пилот режимида синовдан ўтказилмоқда. Унинг афзалликлари – лойиҳаларни кўриб чиқиш, келишиш (виза қўйиш), жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш жараёнида турли органларнинг оператив ҳамкорлик қилишида, улар билан ишлашда шаффофлик, тизимлилик ва изчилликни таъминлашда. Бироқ бир қатор сабаблар (Тизимда ишлаш кўникмалари паст даражада қолаётганлиги, айрим раҳбарлар ЭРИ билан таъминланмаганлиги ва ҳ.к.) уни тўлақонли ишга туширишга ҳозирча тўсқинлик қилмоқда.
Шу сабабли қуйидаги жадвал тасдиқланди:
- 2019 йил 1 майдан 1 июлгача – Ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади. Бу даврда қоғоз кўринишида ёхуд Тизим орқали электрон кўринишда қонунлар, Президент ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш (виза қўйиш)га, уларни Вазирлар Маҳкамасига киритишга йўл қўйилади;
- 2019 йил 1 июлдан 1 октябрга қадар – Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пилот лойиҳаси жорий этилади. Ишлаб чиқилган ва келишилган (виза қўйилган) ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасига устувор равишда Тизим орқали электрон кўринишда киритилади;
- 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ва кейинги даврда – ишлаб чиқилган ва келишилган НҲҲ лойиҳалари Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясига фақат Тизим орқали электрон кўринишда киритилади.
Тизим самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида доимий фаолият юритувчи Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилди. 1 октябрга қадар ушбу жараёнда Ахборот коммуникациялари вазирлиги, 1 октябрдан эса Адлия вазирлиги масъул орган саналади, унга Тизим беғараз асосда берилади.
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул шахслари ЭРИ билан таъминланади. Режалар асосида Ягона электрон тизим орқали ишлашнинг моҳияти ва тартибини тушунтириш бўйича таништирув семинарлари ўтказилади.
1 июлга қадар Тизимда таклиф ва эътирозлар асосида лойиҳаларнинг биргаликда якуний пухта ишланишини назарда тутувчи функционал имкониятини яратиш масаласи кўриб чиқилиши лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.04.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.