Адлия вазирининг буйруғи (1.06.2018 йилда 3020-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Маълумот учун: нодавлат нотижорат ташкилотлари (бундан кейин – ННТ) уларни рўйхатдан ўтказган адлия органларини ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилишлари (илгари – келишишлари) шарт. Бу конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқаларга тегишли. Қоидалар сиёсий партияларнинг тадбирларига ва диний ташкилотларнинг айрим тадбирларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Янги тартибнинг асосий фарқланувчи жиҳатларини ажратиб кўрсатамиз.
Биринчидан, адлия органини ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилишнинг энг кам муддати қисқартирилди:
- ўтказилишидан 10 кун олдин – чет эл фуқароларининг иштирокисиз (илгари – камида 20 кун олдин);
- ўтказилишидан 20 кун олдин – чет эл фуқаролари иштирокида (илгари – улар ташриф буюришидан камида 1 ой олдин).
Иккинчидан, ўтказилиши режалаштирилаётган тадбир ҳақидаги хабарноманинг расмий ёзма шакли тасдиқланди.
Учинчидан, ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлар режасини (рўйхатини) келишиш учун тақдим этиш бекор қилинди. Эслатиб ўтамиз, илгари ННТнинг хоҳишига кўра ҳар бир тадбир алоҳида келишилган ёки ҳар ой, ҳар чорак ёки ҳар йил тақдим этиладиган режага киритилган. Шу тариқа, ҳар бир тадбир бўйича ҳозир алоҳида хабардор қилиш зарур.
Тўртинчидан, энди адлия органи фақат тадбирни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ННТга ёзма огоҳлантириш юборади. Илгари адлия органи тадбир ўтказилишини қаноатлантирганда ҳам, рад этганда ҳам ННТга ёзма жавоб юборган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.06.2018 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.