Вазирлар Маҳкамасининг 04.10.2023 йилдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий фойдали дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилишида ижтимоий шериклик ҳамда халқаро ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 527-сон қарори қабул қилинди.
Ҳар бир республика ижро этувчи ҳокимият органи:
- 2023 йил 15 октябрга қадар ҳамда 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 1 январга қадар ННТлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланган раҳбар ўринбосари тўғрисидаги маълумотларни (Ф.И.Ш., лавозими, телефон рақами, электрон почта манзили) Адлия вазирлигига такдим этиб бориши;
- йил давомида эришилиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)нинг ишлаб чиқилишида ННТлари билан ҳамкорлик қилиш самарадорлиги кўрсаткичларини назарда тутиши шарт.
Адлия вазирлигига 2024 йил 1 январга қадар порталда ННТлари ва кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган қуйидаги маълумотларни жойлаштириш имкониятини яратиш топширилди:
- республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ННТлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланган раҳбар ўринбосарлари ҳақида маълумотлар;
- ННТнинг ташқи манбалардан молиялаштирилган лойиҳаларини амалга ошириш натижаси тўғрисида маълумотлар;
- ННТлари учун эълон қилинган халқаро грант танловлари ҳақида маълумотлар;
- Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар ва уларнинг ихтисослаштирилган муассасалари рўйхати.
Ҳужжат билан Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ҳамда ташқи манбалардан молиялаштириладиган лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом қуйидагиларни назарда тутилади:
- ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олиш тартиб-таомили;
- рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан аризани кўриб чиқиш тартиби;
- ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.10.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.