Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

ННТларнинг доимий вакили институти жорий этилади

10.03.2021

Рус тилида ўқиш

Президент томонидан 4 март куни «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармон имзоланди.

 

Қуйидагилар Концепциянинг устувор йўналишлари ҳисобланади:

  • фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;
  • фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;
  • давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;
  • фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2021 йилда амалга ошириш «Йўл харитаси»;
  • 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари, уларда қуйидагилар назарда тутилган:

 

Даврлар

2021 йилда

2025 йилда

ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш

камида 1,2 бараварга

1,8 бараварга

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига маблағлар ажратиш

16 млрд сўм

70 млрд сўм

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари сонини жами фаолият кўрсатаётган ННТлар сонига нисбатан ошириш

10%гача

30%гача

ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган ННТлар вакилларининг сонини (жами жамоатчилик кенгашлари таркибларига киритилган ННТлар вакилларининг сонига нисбатан) ошириш

5%гача

25%гача

ННТлар томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини ошириш

1 000 тагача

5 000 тагача

мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган ННТлар сонини ошириш

30 тагача

50 тагача

ННТлар томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларни (жами 2020 йилда содир қилинган ҳуқуқбузарликлар сонига нисбатан) камайтириш

3,8%га

19,2%га

қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

50 та ННТлар раҳбарларини

250 тасини Давлат бошқарув академиясида

 

ННТларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти (кейинги ўринларда – доимий вакил) жорий этилади.

 

Доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётга тўғри қўллаш, ННТларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланди.

 

Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган ННТлар ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

 

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ННТлар фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади. У Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади. Индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. ННТлар фаолиятининг очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.

 

Ҳар йил якунлари бўйича ННТлар томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади.

 

Жамоатчилик кенгашларининг таркиби Жамоатчилик палатаси билан келишилгандан сўнг давлат органи раҳбарининг қарори билан ҳар 2 йилда тасдиқланади. Уларнинг умумий аъзолари сони 15 нафардан кам бўлмаслиги зарур, бунда камида 50%ини ННТ вакиллари ташкил этади. Давлат органларининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими (ёки ахборот хизмати) жамоатчилик кенгашларининг ишчи органи ҳисобланади.

 

2021 йил 1 майдан «Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади. У ҳомийлик маблағларини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш, уларнинг мақсадли ҳамда манзилли йўналтирилишини мониторинг қилиш имконини беради.

 

Олий Мажлис палаталарига Жамоатчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона вертикал тизимини жорий қилиш тавсия этилади.

 

Жамоатчилик палатасига Адлия вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Жаҳон хайрия индекси (The World Giving Index) бўйича Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш топширилди.

 

Ҳужжат 5.03.2021 йилда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.