Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Нобанк кредит ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди (рўйхат рақами 3263, 30.06.2020 й.).
Йўриқнома «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ ишлаб чиқилган. Йўриқномада бухгалтерия операцияларини амалга ошириш, расмийлаштириш, ҳисобини юритиш ва назорат қилиш бўйича белгиланган талаблар барча микрокредит ташкилотлари, ломбардлар (кейинги ўринларда – нобанк кредит ташкилотлари) ҳамда ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларига (кейинги ўринларда – ипотека ташкилотлари) татбиқ этилади.
Бундай ташкилотларнинг бухгалтерия операцияларини ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш Йўриқномага 1-иловада келтирилган Нобанк кредит ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режасига мувофиқ амалга оширилади.
Ҳужжатда бухгалтерия хизмати ва унда бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларини юритишни ташкил этиш тартиби ва қоидалари, шунингдек ҳисобга олиш даври белгиланган.
Йўриқномада нобанк кредит ташкилотлари учун қуйидагилар ҳисобини юритиш қоидалари қайд этилган:
- кредит операциялари;
- кредит таъминоти сифатида гаровга ҳамда сақловга қабул қилинган мулклар;
- асосий воситалар;
- номоддий активлар;
- микролизинг операцияларини амалга ошириш;
- факторинг операциялари;
- кам баҳоли ва тез эскирувчан буюмлар;
- касса операциялари бухгалтерия ҳисобини юритиш;
- олиниши лозим бўлган ва олдиндан тўланган маблағлар ҳамда муддати узайтирилган харажатлар;
- тўланиши лозим бўлган кредитлар;
- лизинг операциялари;
- ТМБ учун тўланиши лозим бўлган маблағлар ҳамда бошқа қарздорликлар ҳисоби;
- даромадлар ва харажатлар ҳисоби.
Йўриқномада ипотека ташкилотида бухгалтерия операциялари, чет эл валютасида ифодаланган актив ва мажбуриятларнинг ҳисобини юритиш тартиби ҳамда бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш қоидалари белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.10.2020 йилдан кучга киради.
Баҳодир Қаюмов.