Президентнинг 25.06.2021 йилдаги “2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5160-сон қарори қабул қилинди.
2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси таркиби тасдиқланди.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи жами 101 та лицензия қўлга киритилганлиги қайд этилди. Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бошлангунга қадар:
- олимпия спорт турлари бўйича қўшимча квоталар ажратиш;
- паралимпия спорт турлари (парадзюдо, парапауэрлифтинг, парасузиш, параакадемик эшкак эшиш ва бошқалар) бўйича қўшимча 17 та лицензияни қўлга киритиш кутилмоқда.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
- олтин медаль учун - $200 000;
- кумуш медаль учун - $100 000;
- бронза медаль учун - $50 000.
Миллий олимпия қўмитасига ҳамда Миллий паралимпия қўмитасига Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун:
- спорт анжомлари, жиҳозлар, ускуналар, делегация расмий либослари, спорт кийимлари (экипировкаси), спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий-биологик препаратлар харид қилиш бўйича хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан шартномаларни;
- ўқув-машғулот йиғинлари бўлиб ўтадиган спорт базалари, ётоқхона, спорт заллари ва спорт жиҳозлари ижаралари тўғрисида ҳамда овқатланишни ташкил қилиш юзасидан шартномаларни, истисно тариқасида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида тегишли эълон жойлаштирмасдан ва электрон савдоларсиз, тендерсиз, тўғридан-тўғри расмийлаштириш ва тўловларни амалга оширишга рухсат берилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.