Молия вазирлиги, ДСҚ ва ДБҚнинг «Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2771-3, 26.06.2021 й.) қабул қилинди.
Йўриқномага ортиқча ва хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаси, ортиқча ундирилган солиқ суммасини белгиловчи тушунчалар киритилди. Муддатида қайтарилмаган ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби белгиланди.
Суд ва (ёки) давлат солиқ хизмати (кейинги ўринларда – ДСХ) органининг қарорларига асосан мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилган солиқ ва йиғимлар белгиланган шаклдаги тўлов топшириқномасига мувофиқ Ягона ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади.
Қуйидагилар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади:
- давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар суммаси;
- давлат хизматининг тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда).
Бунда қайтариб берилган маблағлар Давлат хизматлари агентлиги томонидан тегишли давлат хизмати учун очилган даромад шахсий ғазна ҳисобварағидан жорий тушумлар ҳисобидан регресс тартибида ундириб олинади.
Хатолик билан тўланган солиқ суммалари, шунингдек пенялар ва (ёки) жарималар солиқ тўловчига унинг ёхуд банкнинг ёки Ғазначиликнинг ёзма мурожаати асосида, агар хатолик улар томонидан йўл қўйилган бўлса, қайтарилади.
Солиқ кодексининг 104 ва 105-моддаларига мувофиқ суммаларни қайтариш ёки ҳисобга олиш учун ДСХ органи ахборот тизимида маблағларни қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисида электрон топшириқнома тайёрлайди ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш орқали «ЎРМВ» АТга электрон тарзда юборади. Ортиқча тўланган (ортиқча ундирилган) ёки хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаларини ҳисобга олиш суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаган ҳолларда, электрон топшириқномалар ДСХ органларининг ахборот тизими орқали автоматик шакллантирилиши ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланмасдан «ЎРМВ» АТга электрон тарзда юборилиши мумкин.
Ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаларини қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисидаги ДСХ органининг қарори белгиланган шаклда ДСХ органи томонидан солиқ тўловчининг тегишли аризаси олинган кундан эътиборан солиқ тўловчи билан у тўлаган солиқларнинг биргаликдаги ўзаро солиштириш далолатномасини имзолаган кундан эътиборан ўн кун ичида расмийлаштирилади.
Ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаларини қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчининг қайтариш ёки ҳисобга олиш реквизитлари тўлиқ кўрсатилган аризаси ҳамда солиқлар ва йиғимларни ундириш бўйича ваколатли органнинг қарорига асосан мазкур ваколатли орган томонидан тегишли ғазначилик бўлинмасига белгиланган шаклдаги топшириқнома тақдим қилиш йўли билан амалга оширилади.
Маблағларни қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисида электрон топшириқнома тегишли туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмаси томонидан бир иш куни мобайнида кўриб чиқилиб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ топшириқномада кўрсатилган маблағларни қайтариш ёки ҳисобга олишга эътирозлари бўлмаганида «ЎРМВ» АТда топшириқномани тасдиқлайди, эътирозлар бўлганида эса сабабини кўрсатган ҳолда қайтарилади.
Маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича судларнинг жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган давлат божини қайтариш бўйича суд қарори (ажрими, буйруғи) мавжуд бўлганда тегишли ғазначилик бўлинмаларига ваколатли орган томонидан топшириқнома ўрнига суд қарори (ажрими, буйруғи) тақдим қилинади.
Ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтариш Солиқ кодексида белгиланган муддат бузилган ҳолда амалга оширилса, солиқ тўловчига қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланади.
Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 30 кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолларда фоизлар ҳисобланмайди:
- · солиқ тўловчининг ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқ суммасини қайтариш тўғрисида белгиланган шаклдаги аризаси мавжуд бўлмаганда;
- · солиқ тўловчи томонидан ундан солиқ ортиқча ундирилганлиги факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 30 кун ичида мурожаат келиб тушмаса;
- · ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олишни (қайтаришни) рад этиш тўғрисида давлат солиқ хизмати органининг қарори қабул қилинганда;
- · камерал солиқ текширувида солиқ тўловчи томонидан тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги оқибатида қўшимча солиқлар ҳисобланиб ундириб олинганда;
- · ортиқча тўланган солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғидан манфий ва ноль даражали ставка бўйича ҳисоботлар натижасида ҳосил бўлганда;
- · хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммасига.
Муддатида қайтарилмаган ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчига тўлиқ қайтарилган кундан эътиборан 3 кун ичида қайтариш муддати бузилган суммага нисбатан фоизлар ҳисоблаш ва тўлаб бериш тўғрисида ДСХ органининг қарори қабул қилинади. Фоизлар қарор қабул қилинган кундан эътиборан 2 иш куни ичида тегишли бюджетдан солиқ тўловчининг банк ҳисобрақамига тўлаб берилади.
Ҳисобланган фоизларни солиқ тўловчига тўлаб бериш мобайнида солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварақларида қарздорликлар юзага келган тақдирда, фоизларни тўлаб бериш вақтинча тўхтатилади.
Ҳисобланган фоизлар суммаси солиқ тўловчининг ёзма аризасига асосан солиқ турлари бўйича солиқ қарзларига ёки келгуси давр солиқ тўловлари учун ҳисобга олиниши мумкин.
Шунингдек бошқа ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳам киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.06.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.