Пенсияни расмийлаштириш учун 2005 йилдан кейин амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни тасдиқлашнинг янги тартиби Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилдан бошлаб “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ) жорий қилинган. Унда шакллантириладиган меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар фуқароларнинг 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун меҳнат стажларини тасдиқлайди.
Энди 2005 йилдан 2020 йилгача бўлган давр учун стажни тасдиқлашнинг янги тартиби белгиланди. Архив маълумотларини тақдим этмаган ҳолда пенсия тайинлаш учун:
- 2005-2016 йиллар даври учун - жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;
- 2016-2018 йиллар даври учун -Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;
- 2019 йил учун - фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.
Ушбу даврлар учун архив маълумотлари фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки фуқаронинг мурожаати асосида талаб қилиниши мумкин. Фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ҳамда қўшимча архив маълумотларини талаб қилиб олиш зарурати бўлганда, фуқарога пенсия минимал миқдор бўйича сиртдан расмийлаштирилади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.
2005 йилдан олдин амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни тасдиқлаш тартиби, чамаси, илгаригидек қолади: қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси асосида. Агар меҳнат дафтарчаси бўлмаса, унда зарур ёзувлар мавжуд бўлмаса ёки меҳнат даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлса, бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар: маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи беришга қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлари), архив маълумотномалари ва ҳоказо қабул қилинади.
Уч ой муддатда:
- ЯММТ орқали 2020 йилгача бўлган давр учун маълумотларни йиғиш ва рақамлаштириш мақсадида манфаатдор идораларнинг тизим ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинади;
- пенсия тайинлаш ва тўлаш тартиби такомиллаштирилади. Хусусан, пенсия тўловларини автоматик тарзда ҳисоблаш ҳамда фуқаролар ўзларинниг пенсиялари тўғрисидаги ахборот билан танишишлари механизми ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, ҳужжат ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари (хизматлар, ишлар) рўйхатини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқни ўз ичига олган. Шунингдек, фрилансинг (масофадан туриб ишлаш) имкониятларини оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинади.
Ленара Хикматова.