Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2023 йилдаги 305-сон қарори билан Пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан пилла боқувчиларга етказиб берилган ипак қурти уруғи учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжатга асосан пиллани қайта ишлаганлик ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарганлик учун субсидия олувчиларнинг манзилли рўйхати шакллантирилмоқда. Низом ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун субсидия бериш тартиби ва шартларини белгилайди.
2026 йил 1 январга қадар ҳар йили пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналарга улар томонидан пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.
Субсидия олувчиларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, имзоланиб, қуйидаги муддатларда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига тақдим этилади:
- биринчи ва иккинчи мавсумлар учун – 20 майга қадар;
- учинчи ва тўртинчи мавсумлар учун –20 августга қадар.
Қўмита 10 иш кунида субсидия бериш учун ажратилган маблағларни субсидия олувчиларнинг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.07.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.