Унинг тузилмаси, штати сони тасдиқланди, раиснинг ваколатлари, раҳбариятни тайинлаш тартиби белгиланди (2.09.2020 йилдаги ПҚ-4817-сон қарорга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси (кейинги ўринларда –Қўмита):
- соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш, тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
- тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
- ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
- пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хом ашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
- маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
- пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш учун ташкил этилган.
Қўмита бошқарув ходимларининг чекланган сони - 51 нафар, шу жумладан марказий аппаратида — 15 нафар. Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларининг штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимининг (30 нафар), ипакчилик илмий тадқиқот (15 нафар), Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтларининг (20 нафар) ва Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг (23 нафар) штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.
Қўмита томонидан шартнома асосида жалб қилинадиган малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Шунингдек, идора раҳбари Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:
- бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритишга;
- маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходим ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш, ва уларга иш ҳақи миқдорини белгилашга;
- ходимларнинг асосий эгаллаб турган лавозимига кўра лавозим маошлари (тариф ставкалари)га, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилашга ҳақли.
Қўмита, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Қўмитанинг раҳбарлар таркиби қуйидаги тарзда лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади:
- Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари Бош вазирнинг тақдимномасига биноан Президент томонидан;
- Қорақалпоғистон Республикаси бошқарма бошлиғи - Қўмита билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан;
- ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, шунингдек, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти (бир вақтда – тегишинча, «Қоракўлчилик» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмалари раисларининг илм-фан бўйича ўринбосарлари) ва Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг директорлари - Қўмита раиси томонидан.
Қўмита Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоил ота кўчаси 1а-уй манзилига жойлаштирилади. Ҳудудий ҳокимиятлар Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларини жойлаштириш учун хоналар ажратади. Улар маҳаллий бюджет ҳисобидан Интернетга уланади, инвентарлар, мебель ва оргтехника билан жиҳозланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.09.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.