Президентнинг 29.05.2019 йилдаги ПҚ-4343-сон қарори билан Тошкент вилоятида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг янги тизими жорий этилади.
У 2019 йил 20 июндан бошлаб эксперимент тариқасида амалга оширилади ва қуйидаги учта асосий принципга асосланади:
- куч ва воситаларни аҳолига бевосита яқин ҳудудларда янада самарали жойлаштириш мақсадида вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги ИИОнинг тузилмаларини янада мақбуллаштириш;
- вилоят туман (шаҳар)ларини ИИОлари куч ва воситаларининг тўртта минтақавий бошқариш ҳудудлари бўйича тақсимлаш, уларнинг раҳбарлари нафақат ташкилий ва кадрларга оид қарорлар қабул қилади, балки уларнинг бевосита раҳбарияти олдида шахсан жавобгар ҳисобланади;
- ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмаларининг тезкорлигини ошириш ва максимал даражадаги ҳаракатчанлигини таъминлаш.
Тошкент вилояти ИИБ Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди. Унинг бошлиғининг вакиллари – минтақавий ҳудудлар раҳбарлари. Улар ИИО фаолиятини кундалик назорат қилиш ва мувофиқлаштиришни амалга оширади. Уларнинг штаби сифатида тегишлича минтақавий марказлардаги ИИОнинг биноларида бевосита жойлашадиган минтақавий мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилади.
Патруль-пост ва йўл-патруль хизматларининг саф бўлинмалари кундалик хизматни уларнинг ҳудудларида ўташ учун бевосита минтақалар бўйича тақсимланади. Кинология бўлинмалари эса уларга юклатилган вазифаларни бажаришни ҳудудлараро тамойили бўйича ташкил этиш учун минтақавий ҳудудлар раҳбарларининг бўйсунувига ўтказилади.
Туман (шаҳар) ИИО ҳузурида пойтахт ИИББ тажрибаси асосида туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш вазифалари юклатилган ҳолда ички ишлар бўлимлари ташкил этилиши мумкин.
Бундан ташқари, янги тартиб доирасида:
- Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи ва минтақавий ҳудудлар раҳбарлари томонидан жойларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги муаммолар, шунингдек ушбу фаолиятнинг самарадорлигини ошириш бўйича тақдим этиладиган таклифлар Тошкент вилояти ҳокими томонидан ҳар ойда кўриб чиқилади ва ўз ваколатлари ҳамда молиявий имкониятлари доирасида манзилли чора-тадбирларни қабул қилади;
- вилоят ИИББ ҳар чоракда минтақаларнинг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятининг самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолайди, натижаларига кўра, илғор минтақаларнинг бириктирилган бўлинмалари раҳбарларига пул мукофотини бериш ва аксинча, паст кўрсаткичларга эга бўлганларидан пул ушлаб қолиш чораларини кўради;
- минтақавий мувофиқлаштириш марказлари криминоген вазиятнинг таҳлили асосида ҳар чоракда туман (шаҳар)лар кесимида бириктирилган бўлинмаларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича батафсил «йўл харита»ларини ишлаб чиқиб, уларнинг натижалари бўйича ИИББ бошлиғига ҳар ўн кунда ахборот бериб борадилар;
- 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларининг патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг сержантлар таркиби лавозимлари ушбу бўлинмаларнинг олий маълумотга эга бўлмаган амалдаги ходимларининг ўрнига 2021 йил 1 декабргача босқичма-босқич тайинлашни назарда тутган ҳолда фақат олий маълумотга эга ёки сиртқи шаклда ўқиётган шахслар билан жамланади.
ИИББ фаолиятига Тошкент шаҳар тажрибаси бўйича жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва алоқа мобиль марказлари амалиёти татбиқ этилиб, минтақаларга бириктирилади.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг маслаҳатчилари лавозими киритилади. Улар бошқарувда катта амалий иш тажрибасига ҳамда соҳада обрў ва ҳурматга эга бўлган ИИОнинг пенсионерлари орасидан жамоатчилик асосида жамланади. Уларга тўланаётган пенсиясининг 50%и миқдорида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ойлик устама ҳақ тўланади.
Тошкент вилояти ИИО ходимларининг эгаллаб турган лавозими бўйича пул таъминоти ва ижтимоий имтиёзлари жорий этилаётган тартибга мувофиқ ташкилий-штатлар ўзгаришларига асосан улар лавозимга қайта тайинланиши ёки пенсияга чиқишига қадар сақлаб қолинади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, тегишли ҳокимлар ҳудудий ИИОнинг ўрнак кўрсатган раҳбар ходимларини улар фаолиятини баҳолаш натижасига кўра, ҳар чоракда пул таъминотининг 100%игача бўлган миқдорда мукофотлаши мумкин. Мукофотлар маҳаллий бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилиши ҳисобидан тўланади.
Ички ишлар органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.