Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (рўйхат рақами 2138-1, 2017 йил 17 ноябрь) қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжатда Таълим муассасалари талабаларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхатининг янги таҳрири тақдим этилган.
Янги касалликлар орасида қуйидагилар мавжуд:
- ҳаёт учун хавфли юрак ритми ва ўтказувчанликнинг бузилиши билан кечувчи ҳолатлар: МАС синдроми, синус тугуни заифлиги синдроми, номуқим гемодинамика билан кечувчи пароксизмал тахикардиялар ва бошқалар;
- оғир ва қўшма травматик шикастланишлар.
Бундан ташқари, илгари рўйхатда мавжуд бўлган баъзи касалликларнинг шакллари ва даражаларига аниқлик киритилди:
- сил касаллигининг фаол ва асоратланган шакллари (илгари – сил касаллигининг очиқ шакллари);
- қандли диабет касаллигининг 1-тури (илгари – унинг оғир шакли);
- гипотериоз (эндокрин касалликларга қўшилган);
- сурункали панкреатит ва сурункали гепатит (турли этиологиялик жигар касалликларига қўшилган);
- асоратланган псориаз, пўрсилдоқ яра, Лайелл синдроми, Стивенс-Жонсон синдроми (илгари – тери касалликлари);
- идиопатик тромбоцитопеник пурпура (қон тизими касалликларига қўшилган) ва бошқалар.
Эслатиб ўтамиз, талабага саломатлигини тиклаш учун академик таътил у доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси илова қилинган аризасига кўра 12 ой муддатга тақдим этилиши мумкин.
Ҳужжат 20.11.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова,
экспертимиз.