Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 513-сон қарори қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача бўлган бир марталик субсидиялар ажратиш топширилди. Маблағлар маҳаллий бюджетдан ажратилади ва қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун йўналтирилиши керак (19.05.2021 йилдаги ПҚ-5117-сон қарор). Субсидиялар НТМга камида 6 ой муддат давомида қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш шарти билан ажратилади.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти амалга киритилади. У маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан субсидия ажратиш масалалари бўйича ЯИДХП орқали мурожаат қилиш тартибини белгилайди.
Нодавлат таълим ташкилоти субсидия олиш учун календарь йилнинг ҳар чораги биринчи ойининг 10-санасига қадар ЯИДХПда электрон рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади. Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:
- 2 йилга мўлжалланган бизнес режа;
- маҳсулот етказиб бериш ёки ишларни (хизматларни) бажариш тўғрисида тузилган ва амал қилиш муддати тугамаган хўжалик шартномалари;
- педагог кадрлар билан тузилган меҳнат шартномалари;
- педагог кадрларнинг хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий сертификати;
- таълим жараёнида фойдаланилаётган бино ёки ўқув хоналарининг ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун).
Мурожаат қилувчилардан юқорида кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Мурожаат қилувчи томонидан давлат хизматидан фойдаланиш учун тўлов амалга оширилмайди.
Шунингдек, Регламент қуйидагиларни назарда тутади:
- манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотларни баҳолаш орқали Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарори асосида ҳар чоракда субсидия ажратиш;
- нодавлат таълим ташкилотларига баҳолаш мезонлари асосида тўпланган балларга мутаносиб равишда Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармалари томонидан 50 млн сўмгача субсидия ажратиб бориш;
- ажратилган субсидиянинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.09.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.