Президентнинг 28.07.2023 йилдаги “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ПФ-119-сон Фармони қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги “2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида”ги 251-сон қарорига асосан ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз 71 987 та уй-жойга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган.
Бундан ташқари, Президентнинг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги ПФ-5421-сон Фармонига мувофиқ ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз 50 361 та уй-жойга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган.
Бироқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг маълумотларига кўра, юқорида кўрсатилган НҲҲлар доирасида ҳуқуқ эътироф этилмаган қўшимча 43 432 та уй-жойлар мавжуд.
Қабул қилинган фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Бунда ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун:
- фуқаро ушбу уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги беш йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши;
- ҳуқуқни эътироф этиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаслиги;
- ер участкаси бўш бўлмаслиги, унда қурилган уй-жой яшаш учун мўлжалланган бўлиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги;
- ер участкаси суғориладиган ерлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, транспорт, алоқа ва мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар, кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлосланган ерлар тоифасига кирмаслиги, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналарида, ер усти ва ер ости сувларининг ҳосил бўлиш зоналарида жойлашмаган бўлиши шарт.
Ер участкасига ижара ҳуқуқи 1998 йил 30 апрелга қадар эгалланган ерлар учун - 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 майдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган ерлар учун - 0,06 гектаргача ҳажмда эътироф этилади. Бунда уй-жой эгалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўртасида ер участкаси ижараси шартномасини тузиш талаб этилмайди.
Фармонга мувофиқ ҳуқуқларни эътироф этиш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланадиган уй-жойлар рўйхатига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қарори билан расмийлаштирилади. Бунда:
- талабгорлар ва (ёки) чегарадош ер участкалари эгалари ўртасида низо мавжуд бўлган ҳолларда, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари низо бартараф этилганидан кейин қабул қилинади;
- халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ушбу бандга асосан қарорлар қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг охирги муддати - 2024 йил 1 август санаси ҳисобланади;
- халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ушбу бандда назарда тутилган қарорлари тегишли адлия органида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганидан кейин қабул қилинади ва расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.07.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.