Президент томонидан 12.06.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-845-сон Қонун имзоланди. Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган.
2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган ҳамда мазкур ҳудудда фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлар:
- фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини солиқ ставкаларига нисбатан 50 %га камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
- ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича, ЯТТ эса йилига БҲМнинг 1 баравари миқдорда тўлайди.
Мазкур имтиёз қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
- йирик солиқ тўловчилар;
- доимий муассасалар;
- бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари;
- устав фонди (устав капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
- устав фондинининг (устав капиталининг) 50% ва ундан ортиғи устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) 2027 йил 1 октябрга қадар консуллик йиғимини ҳамда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун ундириладиган давлат божини тўлашдан озод этилади.
Мазкур чоралар ҳудуднинг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишга, тадбиркорликни ривожлаштиришга, янги иш ўринларини яратишга, нодавлат таълим ташкилотларидаги таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Собир Нурбердиев.