Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (20.08.2018 йилда 2439-6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби ва унга иловалардан аҳолига реализация қилинадиган табиий газ бўйича ҚҚСни умумий суммалардан ажратувчи кўрсаткичлар акс эттирилган сатрлар чиқариб ташланди. Бу билан ҳисобот Солиқ кодексига мувофиқлаштирилди – 2015 йил 1 январдан аҳолига реализация қилинадиган газ бўйича ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бекор қилинган (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ–379-сон Қонуннинг 4-моддаси 21-банди). Газ нархи давлат томонидан тартибга солинади ва ҚҚСни ўз ичига олади.
ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илова «Ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси ҳисоб-китоби»нинг 060-сатри Солиқ кодексининг 217-моддасига мувофиқ баён этилди. Аҳолига кўрсатиладиган ва ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган коммунал хизматлар рўйхатига идоравий уй-жой фонди уйларида яшаётган аҳоли учун Мудофаа вазирлигининг бўлинмалари томонидан олинадиган хизматлар қўшимча қилинди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.08.2018 йилдан кучга кирди.
Ирина Ахметова.