Вазирлар Маҳкамасининг 31.07. 2021 йилдаги «Рақамли технологиялар ва ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 475-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 17.02.2021 йилдаги «Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4996-сон қарорига мувофиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилди.
Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- «Рақамли Ўзбекистон-2030» Стратегиясини ҳар томонлама амалга оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ташкил қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш;
- сунъий интеллект соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш, рақамли технологияларни ривожлантиришнинг илмий экотизимини шакллантириш;
- сунъий интеллект технологиялари асосида бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича инновацион маҳсулотларни ҳамда уларнинг моделлари, алгоритмлари ва дастурий таъминотини ишлаб чиқиш;
- сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича етакчи хорижий инновацион ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш.
Институт юридик шахс ҳисобланмаган давлат ташкилоти бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2021 йил 1 мартдан бошлаб Институтнинг жорий фаолияти, бино ва иншоотлардан фойдаланиш, шунингдек ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш (илмий ходимлардан ташқари) бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Институт ходимларига Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади.
Институт фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар 2021 йилда биринчи даражали бюджет маблағларни тақсимловчи сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги учун ажратилган бюджет ажратмалари доирасида молиялаштирилиши, 2022 йилдан эса Давлат бюджетининг харажатлар параметрларида белгиланган тартибда назарда тутилади.
Институт тузилмасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Институтнинг «Интеллектуал дастурий тизимлар» қўшма лабораторияси ташкил этилади.
Ҳужжат билан Институт тузилмаси, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.07.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.