Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2025 йилдаги "Расмий статистикани тайёрлаш ва тарқатиш жараёнларига аутсорсинг механизмларини жорий этиш тўғрисида"ги 116-сон қарори қабул қилинди.
Статистика фаолиятига аутсорсинг қуйидаги йўллар билан жорий этилади:
- савдо, электрон тижорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг статистик маълумотларни тарқатиш бўйича ишига аутсорсингни жорий этиш орқали статистик нашрларни фойдаланувчиларнинг кенг доирасига етказиш;
- норасмий сектор, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти бўйича пилот танланма кузатувларни ташкил этиш.
Ҳужжат билан Расмий статистикани тайёрловчилар (консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари) томонидан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига статистика кузатувчиларини аутсорсинг шартлари асосида жалб этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низом билан қуйидагилар тасдиқланган:
- статистика кузатувларини аутсорсинг шартлари асосида ташкил этиш механизми;
- аутсорсинг хизматларига нарх белгилаш тартиби ва аутсорсинг хизматини кўрсатувчи статистика кузатувчисини танлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
- статистика кузатувчиси ва буюртмачининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;
- аутсорсинг хизматини кўрсатиш мониторингини юритиш жараёни.
Аутсорсинг шартлари асосида статистика кузатувларини ўтказишни режалаштираётган аризачиларга қуйидаги талаблар қўйилади:
- шартномалар тузиш ҳуқуқига эгалик;
- шартномани бажариш учун зарур бўлган техник, моддий, кадрлар ва бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;
- солиқлар бўйича қарздорликларнинг йўқлиги;
- унга нисбатан банкротлик тартибининг мавжуд эмаслиги;
- виждонсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилмаганлиги.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.03.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова