Вазирлар Маҳкамасининг 19.07.2018 йилдаги «Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 556-сон қарори эълон қилинди.
Шуни қайд этамизки, Президентнинг 16.03.2018 йилдаги ПҚ–3607-сон қарори билан Самарқанд вилоятида 14 та кичик саноат зоналари ташкил этилган. Уларнинг иштирокчилари 1.02.2020 йилгача ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда ягона солиқ тўловини тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Мазкур КСЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун эса Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 50 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияси очилган.
Энди ушбу КСЗларнинг учтасига (Самарқанд шаҳар, Нарпай ва Оқдарё туман) умумий майдони 62,5 гектардан иборат қўшимча ҳудудлар қўшилди. У ерда зарур инфратузилма: электр узатиш тармоқлари, кириш йўллари, газ ўтказиш тармоқлари, локал тозалаш иншоотлари, сув тўсиш иншоотлари, сув қувурлари ва канализация тармоқларини ташкил этиш учун эса Давлат бюджети маблағларидан 8 млрд 625 млн сўм ажратилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.07.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.