Президентнинг 12.10.2023 йилдаги «Саноат ва унинг базавий тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-169-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан, давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юкланади.
Бунда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маҳаллий саноат тармоқларида ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ва саноат зоналарини ривожлантириш масалалари учун масъул ҳисобланади.
Қуйидагилар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг саноатни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ягона саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноат тармоқларини ривожлантириш борасида замонавий механизмларни жорий этиш;
- ҳудудларнинг табиий хомашё, меҳнат ресурсларини ва нисбий устунликларини инобатга олган ҳолда саноатни ривожлантиришга туртки берадиган йўналишларни белгилаш ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
- саноатнинг базавий тармоқлари, жумладан нефть-газ, энергетика, кимё, тоғ-кон, машинасозлик саноатини ривожлантириш, рақобатбардошлигини ошириш, диверсификация қилиш ҳамда уларни ислоҳ қилиш стратегиялари ва дастурларини ишлаб чиқиш;
- ресурсларнинг тармоқлараро ва ҳудудлар бўйича мутаносиб равишда тақсимланишини ҳамда инфратузилманинг ўзаро мувозанатлашган ривожланишини таъминлаш;
- тегишли вазирликлар билан биргаликда энергия ресурслари, қимматбаҳо ва рангли металлар, бошқа стратегик ресурсларни ишлаб чиқариш, уларнинг истеъмол балансини шакллантириш ва мониторинг қилиш ҳамда ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Саноат сиёсатини амалга ошириш ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Вазирликка Лойиҳа офиси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, истисно тариқасида, халқаро консалтинг компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилди.
Шунингдек, Фармон билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қуйидагиларни ўтказиш назарда тутилган:
- «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК;
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппаратининг 45 та штат бирлиги.
Бундан ташқари, ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- каустик сода, кальцийланган сода, қурилиш ойнаси, техник керосин, нефть парафини, формалин маҳсулотларини монополист корхоналар томонидан фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материалларнинг Рўйхатидан чиқариш (17.03.2021 йилдаги ПҚ-5031-сон қарор билан тасдиқланган);
- Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига товар-хомашё биржалари савдоларига рухсат этиладиган товар ва хомашёларга мезонлар ва тавсифларни белгилаш ҳамда Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқини бериш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.10.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.