Ички ишлар вазирининг буйруғи (10.05.2018 йилда 3008-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан сиёсий бошпана бериш тўғрисидаги илтимоснома шакли тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, уни олиш тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низом (29.05.2017 йилдаги ПФ–5060-сон Фармонга илова) билан белгиланади. Тушунтиришлар – бу ерда.
Ҳужжатда ўзи тўғрисидаги стандарт маълумотлардан (Ф.И.О., туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, миллати ва паспорт маълумотлари) ташқари шахс бошқа давлатда ёки яшаш жойида нималар учун таъқиб қилинаётганлигини, шунингдек бундай хавф юзага келиши сабабларини кўрсатиш талаб этилади.
Бундан ташқари, илтимосномада сиёсий бошпана сўралаётган яқин қариндошларни ҳам кўрсатиш мумкин. Бу ҳолда улар ҳам илтимосномани имзолашлари керак бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.