Журналистлар билан учрашувда молия вазири Жамшид Қўчқоров ушбу ахборот билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, янги кодексни тайёрлаш муддати икки марта белгиланган эди. Президентнинг 13.02.2018 йилдаги Ф–5214-сон фармойишида 2018 йил 1 июлгача, Президентнинг 29.06.2018 йилдаги ПФ–5468-сон Фармонида эса 2018 йил 1 декабргача ҳужжатни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Spot хабар беришича, вазир қуйидагича баёнот берган: «Очиғини айтсам, Солиқ кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишга улгурмаяпмиз. Олдимизда иккита йўл бор. Жаҳон банкидаги айрим маслаҳатчилар кодексни қабул қилиб, сўнг унга яна бир бор 2019 йилда ўзгартириш киритишни таклиф этмоқдалар. Иккинчи йўли – Концепцияда (Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида – таҳр.) кўрсатилган ставкаларни қабул қилиш, уларнинг бари ишлайди. Солиқ кодексига ушбу ставкалар билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилади». Учрашувда Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш муддати – 2019 йил апрель этиб белгилангани ҳам олдиндан маълум қилинди.
Бунда молия идораси раҳбари ПФ–5468-сон Фармонда келтирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкалари ўзгартиришсиз қолдирилишини, уларга тузатиш киритиш масаласи кун тартибига қўйилмаганлигини қайд этиб ўтди.
Кейинги йили кутилаётган ставкалар таҳлили билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.