Президент 3.06.2017 йилда «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорни имзолади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Дастурнинг 5 та асосий йўналишлари белгиланди:
1. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш;
2. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш;
3. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш;
4. Таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш;
5. Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда уни амалга ошириш жараёни тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш.
Дастур доирасида 2017-2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида жами 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши назарда тутилган. Шундан 706,2 миллиард сўмдан ортиқ қисми ушбу йилларда жами 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашга йўналтирилади.
Бундан ташқари спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штатлар жадвалига “Спортчи” лавозими жорий этилади. Бу Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкамлайди.
Барча таълим муассасалари спорт иншоотларида дарсдан сўнг ўқувчи ва талабалар учун спорт тўгараклари ҳамда спорт клублари фаолиятини тизимли ташкил этиш ва бошқаришни йўлга қўйиш мақсадида спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактабларида “Спорт тўгараги ва селекция бўйича тренер” лавозимини киритиш белгиланган. Бу билан қўшимча равишда минглаб ўқувчи ва талабаларни қамраб олишга эришилади ва уларга спорт билан мунтазам равишда шуғулланишларига қулай имкониятлар яратилади.
Бундан ташқари, дастурда жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клублари фаолиятини олимпия, миллий ва бошқа спорт турлари кесимида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш белгилангани уларнинг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши эса соҳа фидойилари меҳнатини янада муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади, – дейилади қарорга келтирилган шарҳда.
Ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган спорт мактабларига, таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни қабул қилиш жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш юзасидан доимий равишда таъсирчан чоралар кўриш ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича қўмитанинг мажлисларида танқидий-таҳлилий муҳокамадан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.