Президентнинг 26 ноябрда имзоланган Фармони ва қарорида соҳадаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи назарда тутилган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашни мувофиқлаштириш соҳасида, шунингдек ягона сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Шу муносабат билан унинг зиммасига қўшимча вазифалар юкланган. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун вазирлик марказий аппарати таркибида янги учта бошқарма ташкил этилган, уларга вазирнинг биринчи ўринбосари мутасаддилик қилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги таркибига ўтказилади. Амалдаги вазифалари, функциялари ва молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади.
Вазирлик республика сув балансининг ягона ахборот тизимини юритади. Унда ваколатли вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган Ягона давлат сув фонди сувларининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги сувни ҳисобга олишнинг тўғрилигини, унинг хавфсизлиги ва сифатини тасдиқланган ва янгиланган маълумотларни ягона маълумотлар базасига киритган ҳолда мониторинг қилади, шунингдек аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади. Сувни ҳисобга олиш ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш тўғрисидаги ҳисобот аниқ таклифлар билан тизимли равишда Президент Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Сув таъминоти ва сув чиқариш тизимини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу ишларга етакчи хорижий экспертлар жалб этилган. Хусусан, Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашнинг ягона марказлаштирилган тизимини яратиш, «Рақамли сув таъминоти корхонаси» тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тайёрланаётган стратегиянинг йўналишларидан бири – сув таъминоти корхоналарини сув таъминоти ва сув чиқариш тизимлари объектларини эксплуатация қилишда ягона оператор функциясини бажаришни амалга оширадиган алоҳида корпоратив тузилма этиб қайта ташкил этиш. «Ўзсувтаъминот» АЖ шундай тузилмага айлантирилади, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги ДУК устав капиталидаги активлар ва давлат улушлари унга ўтказилади. Ушбу корхоналар 2020 йил 1 майга қадар шартномалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворислик шартларида МЧЖга қайта ташкил этилади. Бунда сув таъминоти корхоналарининг қарзи қайта таркибланиб, 5 йил муддатга кечиктирилди, шу муддатдан кейинги 5 йил мобайнида ҳар ой бир меъёрда сўндирилади, ҳисобланган пеня эса ҳисобдан чиқарилади.
! 2020 йил 1 январдан «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларига тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш вазифаси юклатилади. Айни пайтда бу вазифани Мажбурий ижро бюроси бажармоқда.
Сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасидаги Лойиҳалар тайёрланишини молиялаштириш жамғармасини шакллантириш ҳамда лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни кейинчалик молиялаштириш учун Осиё тараққиёт банки 15 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари ажратади. Бунинг ҳисобига соҳада замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологиялар, шунингдек ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича иншоотларнинг замонавий ўлчов асбоблари (сарф ўлчагичлари) пайдо бўлади.
Олег Заманов.