Вазирлар Маҳкамасининг 7.06.2019 йилдаги 470-сон қарори билан давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини (бундан кейин – таълим ташкилотлари) аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишнинг янги тартиби тасдиқланди.
Янги низом жорий йилнинг 1 сентябридан кучга киради. У идоравий мансублиги, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, шу жумладан мактабдан ташқари таълим ташкилотларига ҳам татбиқ этилади. Ҳужжат Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, ЛБМА қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби, ҳарбий таълим муассасалари учун ҳам мажбурий тусга эга.
Аккредитацияни, ҳозир бўлганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (бундан кейин – Инспекция) аттестацияга асосан ўтказади. Янги қоидаларга кўра, янги ташкил этилган таълим ташкилотлари 5 йил муддатга, тиббиёт олий таълим муассасалари эса 6 йил муддатга аккредитациядан ўтган деб ҳисобланади. Шундан сўнг улар аккредитациядан ўтказилиши шарт. Барча таълим ташкилотлари ёки таълим дастурлари (таълим йўналишлари, мутахассисликлар, ихтисосликлар, касблар ва курслар) 5 йилда бир марта аттестациядан ўтказилади. Айни пайтда ўрта мактаблар учун аттестациядан ўтиш даврийлиги 9 йилни ташкил этади.
Аттестациядан ўтказишнинг янги механизми
У икки босқич: ташкилот фаолиятини ички ва ташқи баҳолашдан иборат.
Аввал ташкилот ўз фаолиятини мустақил равишда ички баҳолашдан ўтказади. Олий таълим муассасаларида бу билан таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари, бошқа таълим ташкилотларида эса махсус ташкил этиладиган комиссиялар шуғулланади. Аттестациядан ўтказиш жараёнида ташкилот фаолияти комплекс таҳлил қилинади. Фақат ҳозиргидек 3 йиллик эмас, охирги 2 йиллик давр ўрганилади.
Аттестация ўтказилиши учун ташкилот аккредитация муддати тугайдиган йилдан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар Инспекцияга ариза тақдим қилиши керак. Аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилиш зарур:
- юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
- ташкилотнинг номи, жойлашган жойи, телефон рақами, расмий веб-сайти ва электрон почта манзили тўғрисидаги маълумот, СТИР;
- аттестациядан ўтказиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- аттестациядан ўтказиладиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар, ихтисосликлар, курслар ва касблар рўйхати.
Ички баҳолашдан сўнг камида бир ой ўтгач Инспекция ташқи баҳолашни ўтказади, бунинг учун эксперт комиссияларини шакллантиради. Ташкилот фаолиятини ички баҳолаш натижалари бўйича тақдим этилган маълумотлар ва материалларнинг ҳаққонийлигини текшириш уларнинг вазифасига киради. Бунда улар тегишли юридик шахснинг ҳузурига бормай, масофадан туриб ҳам ўрганилиши мумкин.
Аттестациядан ўтказиш натижалари асосида эксперт комиссиялари ташкилотда кадрлар тайёрлаш даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосани расмийлаштирадилар. Ташкилот «аттестациядан ўтди» ёки «аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилади. Хулосалар Инспекцияга, доимий фаолият юритувчи аккредитация комиссиясига юборилади, у ҳужжатларни олганидан кейин 1 ой муддатда тегишли қарор чиқаради. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ташкилотга 5 йил муддатга давлат аккредитациясидан ўтганлик тўғрисида сертификат берилади.
Аттестациядан ўтказганлик учун йиғим – янгича тартибда
Аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундириш тартиби ҳам ўзгаради. Айни пайтда уни фақат хусусий ташкилотлар 10 ЭКИҲ миқдорида тўламоқдалар. Янги қоидага кўра, ўзини ўзи тўлиқ молиялаштирадиган давлат таълим муассасалари ҳам йиғим тўлай бошлайдилар. Йиғимлар миқдори табақалаштирилган ҳолда белгиланган:
- мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим бўйича – 15 ЭКИҲ;
- ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бўйича, аттестацияга жалб этиладиган ҳар бир таълим йўналиши ва касб учун – 7 ЭКИҲ;
- олий таълим бўйича аттестацияга жалб этиладиган ҳар бир таълим йўналиши ва мутахассислик учун – 12 ЭКИҲ;
- олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича аттестацияга жалб этиладиган ҳар бир ихтисослик учун – 6 ЭКИҲ;
- малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълими бўйича аттестацияга жалб этиладиган ҳар бир курс учун – 5 ЭКИҲ.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.09.2019 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова.