Вазирлар Маҳкамасининг 28.04.2021 йилдаги «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш ишларини жадаллаштириш ҳамда замонавий ишбилармонлик ва турар жой марказларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 246-сон қарори қабул қилинди.
Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши ишларини янада жадаллаштириш, туман (шаҳар) марказлари меъморий қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантириш мақсадида:
- Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши учун 246,2 гектар ер участкаси, шу жумладан Кончи массиви ҳудудида 113 гектар ва Янги турмуш массиви ҳудудида 133,2 гектар ер участкаси ажратиб берилади;
- Тошкент вилояти маъмурий маркази ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳузурида «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилади.
Қарор билан «Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш» инвестиция лойиҳасини «Nurafshon business city» концепциясига ўзгартирилади. Тегишинча, ташкил этилган Дирекция Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекциясига қайта ташкил этилади, у барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда тузилган шартномалар бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
Дирекция «Nurafshon business city» ҳамда туман ва шаҳарларда ташкил этиладиган бошқа замонавий ишбилармонлик ва турар жой марказлари бўйича буюртмачи функцияларини бажаради, уларнинг ҳудудларида объектлар қурилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Дирекция фаолияти Президентнинг 2.08.2018 йилдаги «Республика ҳудудларида «Вusiness city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3895-сон қарорида белгиланган вазифалар ва қоидаларга мувофиқ ташкил этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.