Хоразм вилояти ҳудудида бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари қабул қилинди (7.04.2020 йилдаги 205-сон ВМҚга қаранг).
Урганч шаҳрида (Амударё кўчаси, 1/4-уй) жойлашган умумий майдони 2,23 га бўлган Хоразм троллейбус бошқармаси биносининг бир қисми замонавий керамик-шиша идишлар ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун "Orient Ceramik" МЧЖга сотилади. Олди-сотди шартномаси бир ой муддатда расмийлаштирилади.
Инвестор қуйидаги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
- бир йил муддатда объектни сотиб олиш учун 1 млрд. сўм тўлаш;
- икки йил муддатда 3 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш орқали идишлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
- камида 180 нафар янги иш ўринлари ташкил этиш.
Инвестор томонидан зарур тўловлар тўланган ҳамда ўз зиммасига олинган мажбуриятлар бажарилгандан кейин унга объектни тасарруф этиш ҳуқуқи тақдим этилади, бу ҳақда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерига тегишли белги киритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8.04.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.