Президент томонидан 09.11.2023 йилдаги «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-877-сон Қонун имзоланди.
Ҳужжат билан асосий тушунчаларнинг таърифи киритилмоқда:
- биологик ҳимоя воситалари - ўсимликларнинг ва ўсимлик маҳсулотининг зарарли организмларига қарши курашиш учун қўлланиладиган фойдали организмлар ёки уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари;
- зарарли организмлар - ўсимликларнинг, ҳайвонларнинг ёхуд касаллик қўзғатувчи агентларнинг ўсимликларга ёки ўсимлик маҳсулотларига зарар етказувчи ҳар қандай тури, хили ёки биотипи;
- кимёлаштириш воситалари - ўсимликларнинг ривожланишини, пишиб етилишини тезлаштириш, ҳосилдорлигини ва сифатини ошириш, шунингдек тупроқ унумдорлигини яхшилаш учун фойдаланиладиган кимёвий воситалар;
- пестицидлар - зарарли организмларга қарши курашиш учун қўлланиладиган моддалар;
- ўсимликларни ҳимоя қилиш - зарарли организмларга қарши курашишга қаратилган тадбирлар мажмуи ва бошқалар.
Қонун билан қуйидаги органларнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилди:
- Вазирлар Маҳкамаси;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
- Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (махсус ваколатли орган);
- Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси;
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Ҳужжатга асосан ўсимликлар карантини давлат инспекторлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳудудига қонунчиликда белгиланган тартибда кириш;
- ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича ижро этилиши шарт бўлган кўрсатмалар киритиш;
- зарарли организмлар ривожланиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида фитосанитария мониторинги ҳамда прогнозини, шунингдек ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тадбирларнинг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ва бошқалар.
Қонун қуйидагиларни белгилайди:
- ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга ошириш тартиби;
- республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш тартиби.
Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва уч ойдан кейин кучга киради.
Собир Нурбердиев.