Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
АССА дипломи кимга керак ва уни қандай олиш мумкин Қурилиш ташкилотлари солиқ органидан «огоҳлантиришлар» олишига қандай муносабатда бўлиши керак?

«Ўзбекистон – 2030» Стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш дастури қабул қилинди

10.02.2025

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 30.01.2025 йилдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан «Атроф-муҳит муҳофазаси ва "яшил иқтисодиёт" йили»да мамлакатни ривожлантиришнинг қуйидаги устувор ёндашувлари белгиланди:

  • маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларни кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, яшаш учун экологик қулай ва фаровон муҳитни шакллантириш;
  • аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш;
  • табиий ресурсларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
  • ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини келгуси авлод учун муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва сақлаш, биохилма-хилликни асраш;
  • "яшил иқтисодиёт" тамойилларини кенг жорий этишга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштириш;
  • республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, жумладан, ДХШ асосида йирик "яшил электр станциялари"ни қуриш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялар тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётда "углерод изи"ни қисқартириш;
  • экологик барқарорликка қаратилган ҳудудлараро ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни таъминлаш.

 

2025 йилда қуйидагиларни таъминлаш кўзда тутилмоқда:

  • Париж битими талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг углерод нейтраллигига эришиш бўйича узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • иқлим ўзгаришига мослашиш ва "яшил технологиялар" трансферини ҳисобга олган ҳолда кейинги 5 йилда глобал миқёсда иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга мамлакатимизнинг миллий даражада белгиланган ҳиссасини (NDC) эълон қилиш;
  • метан чиқиндиларини қисқартириш бўйича мажбурият доирасида табиий газ, чиқиндилар билан ишлаш ва чорвачилик каби соҳаларда метан чиқиндиларининг базавий ҳолатини аниқлаш;
  • умумий қуввати 4,5 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол станцияларини, 785 мегаватт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш, 225 МВт қувватга эга гидроэлектр станцияларини қуриш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 26 фоизгача ва генерация қувватларининг умумий тузилмасида 40 фоизгача етказиш;
  • қурилаётган янги бино, иншоот ва турар жойларнинг энергия самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда "Яшил бино" сертификатини жорий этиш.

 

2025 йилда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида "Эко-фаол фуқаро" турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган "Бир миллион яшил оила" умуммиллий ҳаракатини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

 

Шунингдек, 2025 йил 1 майдан барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини санитар-гигиеник воситалар билан таъминлаш ва санитар хоналарнинг техник ҳолатини яхшилашни назарда тутувчи "Тоза қўллар" дастури ишга туширилади.

 

2025 йил 1 майдан Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларида қуйидаги йўналишлар бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:

  • асбест ва цемент, шлам ва шлакларни ишлаб чиқариш;
  • тери-ошловчилик, паррандачилик фабрикалари;
  • юқори самарали чанг тутувчи ва газни тозаловчи иншоотлар билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмирни ёқиш;
  • қора ва рангли металлургия, таркибида заҳарли аралашмалар, заҳарли кимёвий моддалар бўлган шиша заводлари;
  • хавфлилик даражаси бўйича I ва II тоифага мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларига "яшил тадбиркор" мақомини бериш платформаси ишга туширилади.

 

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш учун 2025 йил 1 апрелдан чиқиндиларни утилизация қилиш, шунингдек, шамол ва қуёш манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун "яшил тарифлар"ни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда:

  • тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқиндилар ва биогазни утилизация қилиш орқали ишлаб чиқариладиган, шунингдек, ташкилотлар томонидан ўз ҳудудларида ўрнатилган шамол ва қуёш электр қурилмалари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун;
  • аҳоли томонидан қуёш манбаларидан олинган, истеъмолдан ортиқча қисми давлатга сотиладиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.  

 

Давлат дастури доирасида қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2025 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси;
  • 2025 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати;
  • 2025 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар;
  • 2025 йилда атроф-муҳитни асраш йўналишида вазирлик ва идоралар томонидан биринчи навбатда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси;
  • 2025 йилда атроф-муҳитни асраш бўйича халқаро ҳамкорлик йўналишида чора-тадбирларни амалга ошириш режаси;
  • Ўзбекистон Республикасида "Яшил туризм" дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари режаси;
  • 2025 йилда ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларини жорий этиш режаси;
  • 2025 йилда баҳор-куз мавсумларида  "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахтларни экиш бўйича режа;
  • 2025 йил баҳор мавсумида маҳаллалардаги хонадонлар ва ички кўчаларда гул ва қаламчаларни экиш бўйича режа.

 

Ҳужжат 2025 йил 10 февралда "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган.

 

Лола Абдуазимова

 


.

Валюталар курси

2025-02-10
  • USD:12957.00 (+0.00) сум
  • EUR:13463.62 (+0.00) сум
  • RUB:133.43 (+0.00) сум