Мамлакатимиз МДҲ иштирокчи-давлатларининг ёшлар билан ишлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимига қўшилади (20.03.2020 йилдаги ПҚ-4646-сон қарорга қаранг).
Битим 2005 йил 25 ноябрда Москва шаҳрида МДҲ Ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида имзоланган, 2011 йил 19 майда Минск шаҳрида ўтказилган шундай йиғилишда Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган (баённома билан расмийлаштирилган).
Ҳужжат ёшлар билан ишлашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, ҳамкорлик соҳасидаги муносабатларни кучайтириш бўйича давлат органлари ва ёшлар ташкилотларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Битим иштирокчилари бунинг учун қулай шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Булар ёшлар билан ишлаш соҳасида давлатлараро дастурларни ва алоҳида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, малакали кадрларни тайёрлаш, ахборот алмашинуви ва ҳамкорликдаги илмий ишланмаларга татбиқ этилиши мумкин.
Ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун МДҲ иштирокчи-давлатларининг ёшлар билан ишлаш кенгаши фаолият юритади. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик органи иштирокчи-давлатларнинг ваколатли вакиллари (ҳар биридан 2 нафардан) – тегишли давлат органлари раҳбарлари ва ёшлар жамоатчилик бирлашмалари вакилларидан шакллантирилади. Кенгашда ҳар бир давлат биттадан овозга эга бўлади.
Кенгаш йиғилиши зарурат бўлганда, бироқ бир йилда камида 2 марта ўтказилади. Кенгашнинг камида учта аъзосининг розилиги билан навбатдан ташқари йиғилиши чақирилиши мумкин. Масалани муҳокама қилишда иштирок этадиган ваколатли вакилларнинг 2/3 овози билан қарорлар қабул қилинади ва улар тавсиянома тусига эга бўлади. Кенгаш қароридан норози бўлган аъзолар ўз фикрларини билдиришлари мумкин ва улар йиғилиш баённомасига киритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.03.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.