Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Ўзбекистонлик мутахассислар хориждаги фитосанитария ҳолатини ўрганадилар

30.09.2019

Рус тилида ўқиш

 

Карантин остидаги маҳсулотлар учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришда ушбу маҳсулотлар фитосанитария ҳолатини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3185, 23.09.2019 йил).

 

Қуйидаги ҳолатларда карантин остидаги маҳсулотларнинг фитосанитария ҳолатини ўрганиш учун хорижий мамлакатларга мутахассисларни юбориш зарурати вужудга келади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий мамлакат ҳудудидан юқори ёки ўрта фитосанитар хавфга эга карантин остидаги маҳсулот олиб кирилиши ҳақида маълумот олинганда;
  • янги савдо йўналишлари очилганда;
  • хорижий мамлакат ҳудудида карантин остидаги маҳсулот билан хавфли зарарли организмлар кириб келиши хавфи мавжуд бўлганда;
  • юқори ва ўрта фитосанитар ҳолат мавжуд ҳудудда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар олиб кирилаётганда.

 

Ўзбекистонга олиб кирилиши режалаштирилган карантин остидаги маҳсулотлар сотиб олинганда, ўсимликлар карантини бўйича мутахассислар экспорт қилувчи мамлакатга юборилади. Қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилинади:

  • хорижий мамлакат ҳудудидан олиб кирилиши режалаштирилган карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини объектлари кенг тарқалганлиги ҳақида маълумотлар хорижий мамлакатлар карантин хизмати томонидан маълум қилинганда;
  • тегишли маълумотлар ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро ташкилотлар расмий веб-сайтларида эълон қилинганда;
  • маҳсулотни баҳолаш натижасида маҳсулотнинг фитосанитар хавф даражаси юқори ёки ўрта деб топилганда.

 

Тартиб-таомил қуйидагича. Ариза берувчи (юридик ёки жисмоний шахс) инспекциясига хорижий мамлакатга карантин остидаги маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш мақсадида мутахассис юборишни сўраб «Ўздавкарантин» инспекциясига мурожаат қилади. Маҳсулотнинг олди-сотди (етказиб бериш) шартномаси тузилган ва уни Ўзбекистонга олиб кириш режаси тайёр бўлса, уларнинг нусхалари аризага илова қилинади. Ҳужжат ёзма ёки электрон тарзда берилиши мумкин.

 

Ариза берувчига 7 кун ичида жавоб қайтарилиши лозим, бунда «Ўздавкарантин» хорижий мамлакатнинг ваколатли органларидан маълумотни сўраб олиши мумкин. Инспекция мутахассисларни юбориш зарурати мавжудлигини белгилаб, ариза берувчини ва хорижий мамлакатдаги тегишли ваколатли органни бу ҳақда хабардор қилади ҳамда фитосанитар ҳолатини ўрганиш муддатларини келишиб олади.

 

Қуйидаги ҳолларда мурожаатчининг аризаси рад этилади:

  • тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар қайд этилгани ёки тўлиқ тақдим этилмаганлиги;
  • импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотни Ўзбекистонга олиб кириш учун чеклов (тақиқ) ўрнатилганда;
  • хорижий мамлакат ҳудудида ўсимликлар карантини объектлари, ўсимликлар учун хавфли зарарли организмлар (ҳашаротлар, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўтлар), келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ўсимликларнинг ялпи касалликлари ва илгари қайд этилмаган тез тарқалувчи касалликлари мавжудлиги;
  • олиб келиниши режалаштирилган хорижий мамлакат ҳудудида маҳсулотда тарқалган ўсимликлар карантини объектлари мавжудлиги ҳақида аниқ маълумотларнинг мавжудлиги.

 

Мутахассисларни юбориш бўйича харажатлар томонларнинг ўзаро келишувига (шартномага) асосан мурожаатчи ва/ёки хорижий мамлакатнинг ваколатли органи томонидан қопланади.

 

Хорижий мамлакатдаги фитосанитария ҳолати унинг ваколатли органлари билан келишилган ҳолда ва ҳамкорликда ўрганилади. Шу билан бирга хорижий мамлакат тадбирда иштирок этмаган ҳолларда «Ўздавкарантин» буни мустақил амалга ошириши мумкин. Мутахассислар ўрганиш якунлари бўйича ҳисобот тайёрлайдилар ва уни «Ўздавкарантин» инспекциясига тақдим этадилар. Ҳисоботларни кўриб чиқиш натижаларига қараб қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

  • маҳсулотни олиб киришни тақиқлаш;
  • маҳсулотни олиб кириш учун карантин рухсатномасини расмийлаштириб бериш.

 

Хулоса 3 кун ичида ариза берувчига юборилади, бу ҳақдаги маълумот эса инспекциянинг расмий сайтида жойлаштирилади.

 

Фитосанитария ҳолатини ўрганиш якунларига кўра, карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга рухсат бериш тўғрисидаги хулосага асосан 3 кун ичида Ўзбекистонга карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш мумкин бўлган хорижий мамлакат корхоналари рўйхатига тегишли маълумот киритилади. Рўйхат «Ўздавкарантин» инспекциясининг расмий сайтида жойлаштирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.12.2019 йилдан кучга киради.     

 

Анвар Иркаходжаев.


Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум