Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2024 йилдаги "Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларининг алоқа марказлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ВМҚ-790-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, шунингдек давлат ташкилотлари алоқа марказларининг техник фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда қуйидаги тартиблар назарда тутилган:
- "Ўзкомназорат" инспекцияси томонидан "Рақамли назорат" комплекс ахборот тизими орқали алоқа марказларининг техник фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш;
- республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотлари алоқа марказлари реестрини юритиш.
Низомга кўра, алоқа маркази – жисмоний ва юридик шахсларнинг телефон мурожаатларини қабул қилиш ва уларга муносабат билдириш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва бунинг учун зарур ташкилий, техник ва бошқа ресурсларга (ишонч телефонлари, Call-марказлар, диспетчерлик марказлари) эга бўлган ташкилот ёки бўлинмадир.
Алоқа марказлари қуйидагича баҳоланади:
- 71 баллдан 100 баллгача – "аъло" баҳо ("яшил" тоифа);
- 55 баллдан 70 баллгача – "яхши" баҳо ("сариқ" тоифа);
- 54 баллгача – "қониқарсиз" баҳо (қизил тоифа).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.11.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усмонова