Президентнинг 28.07.2021 йилдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5200-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилади. 156 минг гектар майдонда (шу жумладан 2021 йилда 50 минг гектар) узумзорларни барпо этишдан бошлаб, уларни истеъмолчига етказишга қадар узлуксиз тизим яратилади.
2021 йил 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида 30 йил муддатга ижарага берилади.
Очиқ танловга ер участкалари деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда токзорлар барпо этиш учун - 0,06 - 1 гектар ўлчамларда, яхлит контурда йирик токзорлар барпо этиш учун 1 - 30 гектар ўлчамларда чиқарилади.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда икки нафардан ўн нафаргача ходимлардан иборат, юридик шахс мақомига эга бўлмаган, узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари ташкил этилади;
- аҳоли томорқаларида, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизми жорий этилади;
- ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади;
- узумчилик ва виночилик кластерлари учун ер майдонлари Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонида белгиланган тартибда ажратилади.
2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба узумчилик йўналишида "Энг яхши узум нави", "Энг яхши интенсив токзор", "Энг яхши маҳаллий узум нави", "Энг яхши вино маҳсулоти" каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади.
2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январгача бўлган муддатда импорт қилинаётган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган узумчилик ва виночилик соҳасида қўлланадиган хом ашё, ускуналар, махсус техникалар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, эман бочкалар ва зангламайдиган сиғимлар (йиғилмаган ва тайёр шаклда) ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилади.
Алкоголь маҳсулотларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва уларнинг айланмасига қарши курашиш Кенгаши ташкил этилди. ДСҚ унинг ишчи органи этиб белгиланди.
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг тузилмасида соҳага инновацияларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш, вино туризми, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестиция бўйича директор ўринбосари лавозими жорий этилди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- 2021-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ихтисослашган туманларда узум плантацияларини ташкил этишнинг прогноз кўрсаткичлари;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Агросервис оператор" ДУК томонидан интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш ва уларни ташаббускорларга бериш тартиби;
- Импорт қилинадиган ва божхона божидан озод этиладиган, узумчилик ва виночилик соҳасида қўлланадиган хомашё, ускуналар, махсус техникалар, эҳтиёт қисмлар, эман бочкалар ва зангламайдиган сиғимлар ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари рўйхати;
- Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси";
- Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва уларнинг айланмасига қарши курашиш Кенгаши таркиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.07.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.