Президент томонидан 22.02.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги ЎРҚ-676-сон Қонун имзоланди.
Кодекснинг янги таҳрири Президентнинг 14.11.2018 йилдаги «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5577-сон Фармони 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ҳамда 12 боб ва 85 моддадан иборат (амалдаги кодексда 7 боб ва 59 модда мавжуд).
Кодексда қуйидагилар белгиланди:
- шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назоратининг шакллари (жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизаси);
- жамоатчилик назорати субъектлари (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ, фуқаролар);
- аҳоли пунктларининг бош режалари тасдиқланганлиги тўғрисидаги ахборот, уларнинг жамоатчилик муҳокамаси, жамоат назорати натижалари бўйича уларга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш тартиби;
- қурилиш-пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари (шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида қурилишни амалга ошириш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этиш, техник ва муаллифлик назорати талабларини бажариш, шунингдек қурилиш соҳасида назорат инспекцияси) ва бошқалар.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий механизмлари (экспертиза ўтказиш тартиби, экспертларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, эксперт ташкилотларининг ваколатлари) тартибга солинди.
Кодекснинг янги таҳририга мувофиқ қуйидаги объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмайди:
- 2 қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
- 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган алоҳида қурилаётган кичик ҳажмдаги объектлар;
- мавсумий ишлар учун вақтинчалик ва маиший бинолар.
Бошқалар қаторида жисмоний шахслар объектларни қуриш бўйича пудратчилар бўлиши мумкин. Улар қуйидаги техник жиҳатдан унчалик мураккаб ҳисобланмайдиган объектларни қуриш ишларини амалга оширишлари мумкин:
- 2 қаватдан юқори бўлмаган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойларни қуриш;
- умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган, йиғма-қисмларга ажраладиган конструкциялардан қуриладиган савдо объектлари, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари учун бир қаватли бино ва иншоотларни қуриш;
- мавсумий ишлар ва яйлов чорвачилиги учун вақтинчалик иморатларни, хўжалик-маиший биноларини қуриш ва бошқалар.
Қуйидагилар тақиқланади:
- мустақил равишда (қурилиш ташкилотлари билан қурилиш пудрат шартномасини тузмасдан) 2 қаватдан юқори, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;
- бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;
- қурилишнинг боришига ва тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш жараёнига тегишли ваколатларга эга бўлмаган шахсларнинг аралашиши;
- шаҳарлар ва шаҳарчаларда қурилиши тугалланган мавзелар, кўп қаватли турар жой кичик даҳаларининг ҳудудида аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларида назарда тутилмаган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ҳамда бозор инфратузилмасининг алоҳида турган объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш.
Ҳужжат расман эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.
Наргиза Воҳидова.