Президентнинг 20.07.2023 йилдаги “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-232-сон қарори қабул қилинди.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 720,9 гектар ер майдони танлаб олинган, дастлабки босқичда 2 420 гектар ер майдонида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасини тезкор ва сифатли ишлаб чиқиш мақсадида “Meinhardt Pte. Ltd” (Сингапур), “Foster and partners” (Буюк Британия) ва “ОМА” (Голландия) компаниялари жалб этилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” ташкил этилади. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ҳудудни ривожлантириш режаларини (мастер режа), тармоқ режаларини ва манзилли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
- лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, салоҳиятли инвесторларни танлаш, улар билан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда битимлар тузиш;
- ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаларини барпо этишда буюртмачи функциясини бажариш;
- замонавий уй-жойлар қуриш ишларига маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб қилиш ва бошқалар.
Шунингдек, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилмоқда. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- шаҳарни барпо этишда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Дирекция фаолиятини мувофиқлаштириш;
- Дирекция томонидан киритилган инвесторларнинг лойиҳа таклифларини кўриб чиқиш;
- Янги Тошкент шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш ва бошқалар.
Ҳужжат билан Янги Тошкент шаҳри барпо этиладиган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 19 720,9 гектар ер майдонлари рўйхати тасдиқланди.
Ўрнатилган тартибга мувофиқ:
- бош режага мувофиқ Янги Тошкент шаҳри ҳудудида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, транспорт инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун ер участкалари Дирекция таклифига асосан тегишлича Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳокими томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
- тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан, кўп квартирали уйлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорига мувофиқ “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали аукцион савдоларида сотилади ёки ижарага берилади;
- ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар, аукцион ўтказиш харажатлари чегирилган ҳолда, Дирекциянинг махсус ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ишларига сарфланади.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:
- 2027 йил 1 январга қадар Дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади;
- объект қурилиш ҳажмининг ҳар бир куб метри учун мутаносиб равишда БҲМнинг 1 баравари миқдорида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисми шаҳарсозлик фаолияти объектини (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича тўлов қийматига киритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.07.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.