Вазирлар Маҳкамасининг 27.09.2022 йилдаги “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 529-сон қарори имзоланди.
Ҳужжат билан “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”нинг мақоми, уларни барпо этиш тартиби ва мақсадини белгиловчи низомлар тасдиқланмоқда
“Яшил боғлар”:
- шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади;
- ушбу ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, сақлаш ва ободонлаштириш ишларига ҳақ тўлаш эвазига биринчи навбатда “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган ишсиз фуқаролар жалб этилади;
- боғларни барпо этиш ташаббусини давлат идоралари ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уй мулкдорлари илгари суришлари мумкин. Шунингдек, бошқа жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳисобидан бундай ҳудудларни барпо этиш таклифини билдиришлари мумкин;
- билдирилган ташаббуслар маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўриб чиқилиб, боғни барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун депутатлар Кенгашига тақдим этилади;
- боғ ҳудудида ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, аттракционлар қурилиши, шунингдек чорвачилик билан шуғулланиш, ноқонуний дарахт кесиш, боғни хусусийлаштириш тақиқланади.
“Яшил жамоат парклари”:
- аҳоли сайил қилиши учун мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлади ва идоравий мансублигидан қатъи назар, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан аттракционлар қурилиши тақиқланади;
- аҳоли яшаш пунктларига яқин жойларда барпо этилади;
- парк ҳудудига кириш бепул бўлади;
- парк ҳудудида тамаки ва алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади;
- парк ҳудудига автотранспорт воситаларининг кириши тақиқланади;
- тунги вақтда парк ҳудудига кириш чекланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.09.2022 йилда кучга кирди.
Собир Нурбердиев.