Молия вазирлиги 2018 йилги солиқ-бюджет сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш бошланганини эълон қилди. Шу боис кенг жамоатчиликка ўз таклифларини билдириш таклиф этилган.
“Манфаатдор вазирлик ва идоралар, давлат илмий ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларни 2018 йил учун ишлаб чиқилаётган солиқ-бюджет сиёсати Концепциясини ишлаб чиқиш жараёнида фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан фаол қатнашишларини сўраймиз”, – дейилади хабарда.
Концепция бўйича таклифларда қуйидагилар инобатга олиниши керак:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларида, шунингдек, 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган мақсад ва устувор вазифаларни амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар;
- хусусий мулкнинг ролини янада ошириш, тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек макроиқтисодий мутаносибликни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлашни таъминлаш бўйича чоралар;
- давлат қарзининг асоссиз равишда ўсишига йўл қўймаслик, аҳоли даромадларининг ўсиши ва турмуш даражасининг янада ошишини таъминлаш;
- бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудларнинг даромад базасини ошириш ва туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари мустақиллигини ошириш;
- бюджет ва солиқ сиёсатига тааллуқли бошқа йўналишлар.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, бюджетни режалаштириш ва молиялаштириш бўйича янги ёндашувлар асосидаги ҳамда амалдаги солиқ тизимини чуқур таҳлил этган ҳолда таклифларни беришга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилган.
Таклифларни Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказига қуйидаги манзил бўйича юбориш лозим: Тошкент ш., Юнусобод тумани, Истиқлол кўчаси, 29 (мўлжал: Молия вазирлиги Ғазначилиги (4-қават). E-mail: info@tcmf.uz, Отабоева Севара 239-12-81; 239-19-18.