Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кунини белгилади – 22 декабрь.
Мажлисда сайлов кампанияси 2019 йил 20 сентябрда бошланиши эълон қилинди, шунингдек сайловни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.
Сайловлар янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилади. Бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.
Сайлов кодексига биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.