Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Сайлов кодекси биринчи ўқишда қабул қилинди

18.02.2019

Рус тилида ўқиш

 

15 февраль куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

 

Кун тартибидаги дастлабки масала – «Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

 

Ҳужжат билан Ҳукумат аъзоларини тайинлаш ва тасдиқлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Шунингдек Ҳукуматнинг Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш механизми белгиланмоқда (28.01.2019 йилдаги ПФ–5644-сон Фармон ва шарҳда батафсил қаранг).

 

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Олий Мажлиснинг муҳим қарорларни қабул қилиш ҳамда қонунлар ижросини назорат қилиш борасидаги фаолиятини кучайтиришга, шунингдек, ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

 

Шундан сўнг депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига киришдилар.

 

Ҳозирда мамлакатимиз сайлов қонунчилиги 5 та қонун билан тартибга солинади, бу эса ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликлар туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади.

 

Сайлов кодекси лойиҳаси устида ишлаш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг ушбу соҳадаги амалий тажрибаси пухта ўрганилди. Лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар,  амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди.

 

Амалдаги 5 та қонунда ифодаланган нормаларни мужассамлаштиришни назарда тутадиган ушбу кодекс лойиҳаси билан бир қатор янги қоидалар ҳам ўрнатилмоқда. Хусусан:

  • Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Экологик ҳаракат вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда;
  • Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинади;
  • муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланади;
  • сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилади;
  • сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланмоқда;
  • овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан бирини қўйиш имкони берилади;
  • овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ишлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) аниқ кўрсатилмоқда;
  • Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилмоқда;
  • илгари МСК қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тариби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда;
  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда;
  • муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланмоқда;
  • Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилмоқда.

 

Депутатларнинг фикрича, Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллашда бир қатор қулайликлар яратади, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

 

Баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. 

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 материаллари асосида.

 

Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум