Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Солиқ маслаҳатчиларининг ҳуқуқлари ва хизматлар рўйхати кенгайтирилди

11.10.2022

Рус тилида ўқиш

2022 йил 1 ноябрдан «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги Қонун кучга кириши билан солиқ маслаҳати институтини қандай ўзгартиришлар кутмоқда? Ушбу саволга norma.uz илтимосига кўра Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ ва Молия вазирлиги бўлим бошлиғининг ўринбосари Ҳулкар ТОЖИЕВА жавоб берадилар.

 

2022 йил ноябрь ойида 04.08.2022 йилдаги «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги ЎРҚ-787-сон Қонун кучга киради. У «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонун (21.09.2006 йилдаги ЎРҚ-55-сон) ўрнига қабул қилинган бўлиб, ушбу соҳага қуйидаги ўзгартиришларни киритади.

 

Биринчидан, солиқ маслаҳати соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатлар жамоат ташкилоти – Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига берилди.

 

Иккинчидан, Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳузурида Солиқ маслаҳатчиларининг эксперт кенгаши ташкил этилади. Унинг вазифалари:

  • солиқ тўловчилар ва назорат қилувчи органлар ўртасида мунтазам равишда юзага келаётган солиққа оид низолар бўйича хулосани кўриб чиқиш ҳамда бериш;
  • солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни эксперт баҳолаш;
  • солиқ тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

 

Учинчидан, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ҳуқуқлари, шунингдек солиқ маслаҳати бўйича хизматлар рўйхати кенгайтирилди. Энди улар қуйидагиларни амалга ошира оладилар:

  • ортиқча ундирилган ёки ортиқча тўланган солиқлар ҳисобидан солиқ қарзини қайтариш ва (ёки) тўлаш, солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун солиқ органларига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларни тайёрлаш;
  • солиққа оид ва молиявий таваккалчиликларни таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш, мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ имтиёзларини қўллашга доир тавсиялар тақдим этиш;
  • мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан ўз солиқ мажбуриятлари муайян давр учун, шу жумладан ихтиёрий равишда тугатилаётганда тўғри бажарилишини текшириш ва ҳ.к.

 

Тўртинчидан, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда қуйидаги хизматларни кўрсатишлари мумкин:

  • экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш бўйича консалтинг;
  • мижозни унинг ўз фаолиятини амалга ошириши даврида давлат рўйхатидан ўтказишда, шунингдек унинг тугатилиши чоғида кузатиб бориш;
  • инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва кузатиб бориш (мониторинг қилиш);
  • харид жараёнларини кузатиб бориш (мониторинг қилиш);
  • солиқ солиш масалалари бўйича семинарлар ва тренинглар ўтказиш.

 

Бешинчидан, солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот ва хулоса, уларни тузиш шартномада назарда тутилган бўлса, мижозларга (ишонч билдирувчиларга) тақдим этилади.

 

Олтинчидан, солиқ маслаҳатчиси бўлишни хоҳловчи талабгорлар учун малака талаблари соддалаштирилди.

 

Энди солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олишга доир имтиҳонга қўйиш учун талаб этиладиган беш йил иш стажига эга бўлган шахснинг олий таълим ташкилотини тамомлаган вақтига қаралмайди.

 

«Солиқлар ва солиқ солиш» мутахассислиги бўйича олий таълим ташкилотини тамомлаган талабгорлар мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, малака имтиҳонини топширишга қўйилади.

 

Солиқ органларида камида уч йил иш стажига, шунингдек аудитор сертификатига эга бўлган талабгорлар солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича қисқартирилган курсни ўтайди.

 

Малака имтиҳони Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан ўтказилади. У тест синовларини ўтказишга ихтисослаштирилган юридик шахсларни шартнома асосида жалб этиши мумкин.

 

Малака сертификатини олишга доир малака имтиҳонларида иштирок этиш учун 2 БҲМ йиғим тўланади.