Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2023 йилдаги “Асаларичилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 239-сон қарори қабул қилинди.
2023 йилда 200 минг гектар майдонда пахта ҳосилдорлигини ошириш учун ғўзани асалари билан чанглатиш агротехникаси қўлланилади.
Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида Наманган ва Фарғона вилоятлари тажрибаси асосида асаларичилик саноат марказлари ташкил этилади. 2024 йилдан бошлаб интенсив мевали боғларда асалари билан чанглатиш агротехникаси қўлланилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва шифохоналардаги беморларнинг кунлик истеъмол рационига асал маҳсулоти киритилади.
Ҳар йили 1-10 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Асал байрами” ва “Асаларичилик маҳсулотлари” халқаро кўргазмаси ўтказиб борилади.
Шу билан бир қаторда, асаларичилик субъектларига “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерацияси томонидан ташкил қилинадиган кўргазма ва конференцияларда доимий иштирок этиши учун кўмак берилади. “Фермерлар мактаби” пахта майдонлари ва интенсив мевали боғларда асаларилар билан чанглатиш агротехникасини қўллаш юзасидан машғулотларни ташкил этади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2023-2024 йилларда асалари оилалари сонини кўпайтириш ва асал етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;
- 2023-2024 йилларда асаларичилик субъектлари ва маҳаллий шароитда етиштириладиган она арилар сонини кўпайтиришнинг прогноз кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.06.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.