Президентнинг 8.02.2022 йилдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга:
- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорвачилик бўйича, шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг МБнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация тақдим этилади;
- чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар:
- ҚҚС тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 000 сўмдан 4 000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади;
- чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;
- озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 млн сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия ажратилади;
- гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20%и республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Вилоятлар ҳокимликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси ҳамда пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари билан биргаликда 500 – 1 000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплексларини ташкил этиш топширилди.
Ўзлаштириладиган ва бўш турган ер майдонлари гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга очиқ электрон танлов асосида ижарага берилади. Танловда аҳоли хонадонларига чорва озуқасини етказиб бериш шарти билан чорва моллари етказиб беришни ташкил этган корхоналар иштирок этишлари мумкин. Озуқа базасини етиштириш учун суғориладиган ер майдонлари етишмовчилиги мавжуд бўлган туманларда кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга Қорақалпоғистон ва вилоятларда очиқ электрон танлов асосида суғориладиган ерлар ажратилади.
Истисно тариқасида:
- ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади;
- тадбиркорлик субъектларига “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚСни 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
Шунингдек, ҳужжат билан 2022-2024 йилларда пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан ташкил этиладиган чорвачилик комплексларида чорва бош сонини кўпайтириш ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 09.02.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.