Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2024 йилдаги «2025-2027 йилларда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 865-сон қарор қабул қилинди.
Стратегия қуйидагиларни назарда тутади:
- барқарор давлат харидларини тизимли ривожлантириш, шу жумладан, “яшил” давлат харидларини кенгайтириш;
- давлат харидлари соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш;
- давлат харидлари иштирокчиларининг шартнома мажбуриятларига риоя этишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг рақамли технологияларга асосланган комплекс дастурини жорий этиш;
- давлат харидлари соҳасида хавфни бошқариш, манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари, коррупция ва қонунчиликка зид ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
- давлат харидларида тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш;
- давлат харидлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув-услубий, илмий ва ахборот-таҳлилий базани такомиллаштириш.
Стратегияни алоҳида боби шикоятларни кўриб чиқишнинг замонавий тизимини яратишга бағишланган. Ушбу мақсадларда алоҳида электрон тизим яратилади.
Вужудга келган низоларни судгача ҳал қилиш боскичи сифатида мурожаат қилиш имкониятини таъминлаш учун қонунчиликда "муҳокама даври" кўзда тутилади. Бунда ғолиб аниқланган пайтдан бошлаб шартнома тузилгунга қадар бўлган вақт оралиғида судгача шикоят берувчилар ва харидлар иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, шикоятни кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлган тарафларнинг судга даъво киритиш жараёнларини соддалаштириш кўзда тутилмоқда.
Ҳужжат билан шунингдек Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 23.12.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев