Президентнинг 10.06.2022 йилдаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-277-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш масалалари бўйича қўшимча вазифалар юклатилди. Вазирлик, жумладан, қуйидагиларга жавоб беради:
- ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш;
- ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш бўйича давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;
- ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва иҳотазорлар барпо қилиш жараёнлари мониторингини юритиш;
- тупроқ, агрокимёвий, геоботаник тадқиқотлар, ерларни хатловдан ўтказиш, аэрокосмик тасвирга олиш, топографик-геодезик, картографик ишларни ўтказиш.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш масалалари бўйича департамент ва Ерлар деградациясига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш ва уларнинг олдини олиш ҳамда тупроқларни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар режаси;
- Ерлар деградацияси тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлашнинг ягона тизимини юритиш схемаси;
- 2022-2025 йилларда ерлар деградацияси жараёнларини камайтириш ва олдини олишнинг прогноз кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.06.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.