Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2022 йилдаги 395-сон қарори билан Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Таълим ташкилотини тугатган жисмоний шахслар таълим олганликни тасдиқловчи ҳужжат (диплом, сертификат) йўқолганда ёки фойдаланиш учун асл ҳолатини йўқотганда, шунингдек фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда ҳужжатнинг дубликатини бериш учун Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХПга мурожаат қиладилар.
Ариза берувчи ДХМга мурожаат қилганда ходим ариза берувчи номидан сўровномани электрон равишда тўлдиради. Агар ариза берувчи сўровномани ЯИДХП орқали тўлдирса, унинг электрон имзоси талаб қилинмайди. Давлат хизмати учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим тўланмаганлиги хизматни тақдим этишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Агар сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган бўлса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига 5 иш кунидан иборат муддат берилади. Сўровнома тушган вақтдан бошлаб 10 иш куни мобайнида ҳужжатнинг дубликати расмийлаштирилади.
Ариза берувчининг хоҳишига кўра, таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликати ваколатли орган томонидан почта хизмати орқали юборилиши мумкин. Почта йиғими ариза берувчи томонидан тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.07.2022 йилдан кучга кирди.