Вазирлар Маҳкамаси 7.09.2020 йилдаги «Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 541-сон қарорни қабул қилди.
Президентнинг 30.10.2019 йилдаги «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5863-сон Фармони ижросини таъминлаш учун Давлат экология қўмитасининг қуйидаги таклифлари қабул қилинди:
- рақамли иқтисодиётга ўтиш мақсадида экологик экспертизадан ўтказиш учун ҳар йили тақдим этиладиган 30 мингга яқин ҳужжатларнинг электрон алмашинуви тизимини яратиш тўғрисидаги;
- фаолият турларининг атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатишини муҳокама қилиш учун жамоатчилик эшитувларини ўтказишни амалга жорий этиш тўғрисидаги.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори (I тоифага мансуб), ўртача (II тоифага мансуб) ва паст даражада хавфли (III тоифага мансуб), шунингдек, маҳаллий даражада таъсир кўрсатувчи (IV тоифага мансуб) ва давлат экологик экспертизасидан ўтказиладиган фаолият турларининг рўйхати;
- Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I, II, III ва IV тоифаларига мансуб фаолият турларини давлат экологик экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш, экспертизадан ўтказишга материалларни тайёрлаш ва тақдим этиш, экспертизани ўтказиш муддатлари, экспертиза иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, шунингдек, экспертиза хулосаси мақоми ва экспертизани ўтказиш учун ҳақ тўлашни тартибга солувчи давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низом;
- Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб мўлжалланаётган, режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган фаолият турларининг атроф муҳитга салбий таъсирини аҳоли ва жамоатчилик орасида муҳокама қилиш учун жамоатчилик эшитувини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини, шунингдек, жамоатчилик эшитуви иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи атроф муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаларини жамоатчилик эшитувларидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
Давлат экология қўмитаси экспертизани ташкил этиш, давлат ва жамоат экологик экспертизаси бўйича норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун масъул бўлган давлат экологик экспертизаси соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди.
Давлат экология қўмитаси 2020 йил 1 октябрга қадар:
- ўзининг веб-сайти орқали давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинуви тизимини ишлаб чиқади ва ишга туширади. Тизим ишга тушгандан сўнг ариза ва бошқа материалларни ёзма равишда қабул қилиш тўхтатилади, махсус ҳуқуқий режимга эга объектлар бундан мустасно;
- давлат экологик экспертизаси хулосаларининг холислиги ва асосланганлигини таъминлаш учун доимий фаолият юритувчи экспертлар кенгаши ташкил этилишини таъминлайди;
- IV тоифага мансуб фаолият турларининг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш чораларини кўради.
Шунингдек, Давлат экология қўмитаси 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган мўлжалланаётган фаолият турлари бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилишини ташкил этади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.09.2020 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.